Янгиликлар » » Тиббий психология ва психотерапия

Тиббий психология ва психотерапия

  • депрессия психодиагностикаси ва психотерапияси
  • психастения психодиагностикаси ва психотерапияси
  • неврастения психодиагностикаси ва психотерапияси
  • ҳулқ-атвор бузилишлари психодиагностикаси ва психотерапияси
  • қўрқув, хавотир ва фобия психодиагностикаси, психотерапияси
  • психоген бош оғриқлар психодиагностикаси ва психотерапияси
  • уйқу бузилишлари психодиагностикаси ва психотерапияси 
  • психоген бош айланишлар психодиагностикаси ва психотерапияси 
  • нейрореспиратор синдром (ҳаво етмаётгандек фикр-ҳаёллар) 
  • юрак соҳасидаги психоген оғриқлар диагностикаси ва психотерапияси
  • танадаги психоген оғриқлар диагностикаси ва психотерапияси
  • жинсий заифлик психодиагностикаси ва психотерапияси
  • климактерик невроз психодиагностикаси ва психотерапияси 
  • туғруқдан кейинги психозларда тиббий-психологик ёрдам 
  • бошқа турдаги психосоматик синдромлар психодиагностикаси ва психотерапияси 

Психотерапия – қалб ва руҳни даволаш, деган маънони англатади. Тиббиёт пайдо бўлибдики, психотерапия қўллаб келинган. Психотерапия усуллари асли Шарқда кенг тарқалган бўлиб, беморларни даволашда кўп қўлланиладиган усуллардан бири бўлган.

Абу Али Ибн Сино, Абу Бакр ар-Розий, Исмоил Журжоний, Ал-Карвакий Хазораспий каби буюк алломалар ўзларининг даволаш усулларида гиёҳлардан ташқари, психотерапия усулларини ҳам қўллашган. Асаб ва руҳий хасталиклар билан ётиб қолган беморлар уларнинг ташрифидан ва ишлатган сўзлардан тузалиб, оёққа туриб кетганлар. Сўз буюк кучдир!. Психотерапиянинг асосий мақсади ҳам сўзни топиб ишлата билишда. Сўзни беморларни даволашда ишлата олиш ҳам бир санъат. Сўз тиббий психологнинг асосий қуроли бўлиб, беморларни даволашда ундан ўта эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Озгина эхтиётизлик салбий натижа бериб қўйиши мумкин. Тиббий психолог айнан сўз орқали психодиагностика ўтказади ва сўз орқали психотерапия олиб боради. Бошқа ҳеч қайси врачлик касбида бундай катта имконият йўқ. 

Психотерапия усули Европада ХVII асрда веналик врач ва олим Месмер томонидан кенг қўллаб бошланган. Тиббиётда беморларни даволашда гипноз усули ХVIII–XIX асрларда  Ж. Шарко, Ж. Бред, З. Фрейд, В.М. Бехтеревлар томонидан кенг қўлланилган. Неврология фанининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган франциялик олим Ж. Шарко психотерапия усулини асаб касалликларини даволашда кенг қўллаган. 

Психотерапия жараёни бемор ва врач психологиясининг асосий объектидир. Психотерапия ўтказаётган пайтда беморнинг руҳий ҳолати, темпераменти, касалликни келтириб чиқарган омиллар ва беморнинг умумий аҳволи албатта эътиборга олинади. Психотерапевтик тажрибаси йўқ врач беморни даволашда қийналади. психологик усуллардан фойдаланган ҳолда даволаши лозим. Бу иш билан фақат тиббий психолог шуғулланиши шарт эмас, албатта. Иложи борича, беморни даволайдиган врачлар сони кам бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда машҳур  врач Х.Ф. Гуфелянд (1762-1836) шундай деган эди. «Битта врач даволаса яхши, иккитасига ҳам чидаса бўлади, лекин учтаси – бу даҳшат!» Бу билан у беморни даволовчи врачлар ҳадеб кўпаяверса, беморнинг соғайиб кетиши қийинлашади, демоқчи. Докторларни маслаҳатга чақириш мумкин, лекин даволовчи врач битта бўлиши мақсадга мувофиқ.

Шу ерда ятрогения ҳақида тўхталиб ўтсак. Ятрогениядеб, врач ёки бошқа тиббиёт ходимининг бехосдан айтиб қўйган сўзи ёки тиббий муолажалардан беморда аввал мавжуд бўлмаган касаллик аломатларининг пайдо бўлишига айтилади. Бунинг оқибатида ятропатия  ривожланади. Масалан, уколдан сўнг беморнинг қўли ёки оёғи «ишламай» қолиши, нотўғри тиббий хулосалардан сўнг мавжуд бўлмаган юрак касалидан даволаниб юриш ва ҳ.к. Ятропатияларга мисоллар аввалги бобларда келтирилган.

Ҳар қандай психотерапия ўта моҳирлик билан ўтказилиши зарур. Психотерапия беморнинг шахси, темпераменти ва касаллик турига қараб ишлаб чиқилмоғи лозим. Обрўли врачнинг психотерапевтик муолажалари муваффақиятли чиқади. Психотерапиянинг яна бир афзал томонларидан бири унга бўлган ишонч ва ихлосдир. Психотерапевтик муолажалар беморнинг аҳволига қараб, касаллик анамнезини чуқур ўрганган ҳолда узоқ ёки қисқа вақт давом эттирилиши мумкин. Даволаш муолажалари чўзилиб кетиши, бир хил бўлиб қолиши ёки «Сизни узоқ вақт даволашга тўғри келади», қабилидаги гаплар ижобий натижаларни йўққа чиқариши мумкин.

Бу ерда З. Фрейднинг ҳанузгача баҳс ва мунозараларга сабабчи бўлиб келаётган сўзларини келтирамиз: «Натижаси қандай тугашидан қатъи назар, даволаш жараёни олдиндан белгиланган вақтда тугатилиши керак». Демак, даволаш муддати олдиндан белгиланиши ва буни бемор билиши зарур.

Тиббий амалиётда шундай ҳолатлар бўладики, бемор докторнинг кучига ишонади, бироқ ўзининг соғайиб кетишига ишонмайди, касалим тузалмас ва дардим оғир, деб миясига сингдириб олади. Бу, айниқса, невроз ва ипохондрия учун жуда хос. Беморда давом этаётган сурункали касаллик сабабли унинг оила аъзолари ҳам азият чекаётган бўлади. Кўп ҳолларда қайсидир беморда узоқ давом этаётган невроз ёки депрессиянинг сабаби оиладаги, айниқса турмуш ўртоғи билан бўладиган келишмовчиликлар бўлади. Бундай пайтларда бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида турғин “салбий доминант ўчоқ” пайдо бўлгани ва уни парчалаб юбориш учун ундан-да кучли “ижобий доминант ўчоқ” ҳосил қилиш керак. Ушбу доминант ўчоқ шу даражада кучли бўлиши керакки, у ҳаор қандай салбий доминант ўчоқни парчалаб юбориши керак. Бу эса врач ёки тиббий психологнинг илм даражаси ва маҳоратига кўп боғлиқ.

Психотерапия бир нечта беморларни тўплаган ҳолда ҳам олиб борилиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда коллектив гипноз ҳақида сўз боради. «Кўпчилик билан сеанс ўтказиш пайтида беморлар гипнозни бир-бирига  юқтиришади ва унинг таъсир кучи янада  ошади (В.М. Бехтерев, 1915).  Беморни  гипноз усули билан даволамоқчи бўлган гипнотерапевт унинг шикоятларини айтаётганда, нималарни кўп такрорлаётганига аҳамият бериши ва бундан фойдаланиши керак». 

Ҳар бир одамнинг психологик портрети бўлади. Уни рассом эмас, балким Сизнинг ўзингиз яратасиз. Айнан мана шу психологик портрет бошқаларнинг Сизга бўлган муносабатини белгилаб беради. Психологик портрет қандай яратилади? Барча инсоний фазилатлардан воқиф бўлсангиз ва улардан оқилона фойдалана олсангиз Сиз ўзингизга чиройли психологик портрет ярата оласиз. Одоб ва аҳлоқ қоидаларига амал қилиб одамлар билан хушмуомалали, уйда ва ишда ибратли бўлиш, ҳар бир сўзни ўйлаб гапириш, ўз лабзида туриш, сабр-тоқатли ва қаноатли бўлиш, каттага ҳурмат, кичикка иззатли ва дўстга садоқатли бўлиш, ота-онани улуғлаш, оилапарвар бўлиш, очиқ чеҳрали бўлиш – булар психологик портрет элементларидир. Битта қийин жойи – уни умрингиз охиригача сақлаб қолиш. Психологик портрет рассомлар чизган портретдан шуниси билан фарқ қиладики, уни бориб кўриш шарт эмас, чунки у Сизни биладиган барча инсонлар қалбига чизилган бўлади. Уни Сиздан бошқа ҳеч ким ўчириб ташлай олмайди. 


“Иммунитети паст одам дарров шамоллаб қолади” дейишади. Буни ҳаммамиз биламиз. Психологик иммунитет ҳақида эшитганмисиз? Сал гапга аразлайдиган, йиғлайдиган ва шу сабабли дарров жанжаллашиб кетадиган одамларнинг психологик иммунитети ўта паст бўлади. Бундайлар дарров невроз касаллигига чалинишади, депрессияга тушиб қолишади ва улардан психологик ёрдамсиз чиқишга анча қийналишади. Психологик иммунитетни қандай қилиб ошириш мумкин? Агар тана иммунитети жисмоний чиниқиш орқали кучайтирилса, психологик иммунитет руҳиятни чиниқтириш орқали кучайтирилади. Хўш нима қилиш керак? Психологик иммунитет қандай йўллар билан кучайтирилади? Авваломбор инсон илмли бўлиши керак. Илмли дегани – бу олий маълумотли бўлиш дегани эмас. Ҳар бир инсон, айниқса ёшлар тарбия борасидаги китобларни ўқиб, ибрат берувчи ҳикояларни тинглаб, ҳаёт тажрибасига эга бўлган инсонлар суҳбатини тинглаб, катталар ўгитига амал қилиб яшаса унда психологик иммунитет шаклланиб боради. Бундай одамлар кучли характер соҳибларига айланишади. Уларни ҳафа қилиш ўта мушкул, улар ҳаёт зарбаларига ўта бардошли бўлади, кўзлаган мақсадига собитқадамлик эришади. Илм, кўникма ва ҳаёт тажрибаси асосида қилинган ҳар қандай хулоса психологик иммунитетни янада кучайтиради, боз устига имли одамни ҳеч ким сўндира олмайди, кучи ҳам етмайди. Бундайларга ҳамманинг ҳаваси келади, ҳар ким уларга ўхшашга ҳаракат қилади, хатто ёши катта инсонлар ҳам уларнинг суҳбатига шерик бўлишга интилишади. 

Сиз бу мисраларни энди ўқиётган бўлсангиз ва ёшингиз 30 ёки 40 дан ошиб қолган бўлса ҳам ҳеч ачинманг. Ҳалиям кеч эмас. Сиз бугундан бошлаб ўз психологик иммунитетингиз устида ишлашингиз мумкин. Бунинг учун буюк инсонлар ҳаёти, донолар бисотидан, хикматлар хазинаси, асаб ва руҳият, руҳий тарбия каби китобларни мутоала қилинг. Сўнгра аввалги ҳаётингизга бир назар ташланг, қаерда хатога йўл қўйдингиз, қаерда сизни ким ҳафа қилди ва нега ҳафа қилди, балки шу вазиятга тушишга сизнинг ўзингиз айбдордирсиз ва ҳ.к. Ишонаманки, сиз ўз устингизда ишлаб кучли шахсга айланасиз ва ушбу ШАХС ҳимоячиси – бу Сизнинг иммунитет бўлади! 




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz